Yangiliklar

Oliy majlis senati qo‘mita raisi SamVMIda

Oliy majlis senati qo‘mita raisi SamVMIda

Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Баҳодир Тожиев Самарқанд Ветеринария медицинаси институти профессор - ўқитувчилари билан учрашди. Учрашувда жорий йилнинг 16 февраль куни Президент бошчилигидаги видеоселектор йиғилишида чорвачилик тармоғини ривожлантириш борасида кўтарилган долзарб масалалар муҳокама этилди. 

Статистик маълумотларга кўра, бугун жаҳон иқтисодиёти мураккаб даврни бошдан кечирмоқда. Глобал иқлим ўзгаришлари, пандемия ва бошқа касалликлар сабаб, озиқ - овқат маҳсулотларининг нарҳи кун сайин ошиб бормоқда. Кундалик истеъмол товарларининг аксарият қисми саноат иқтисодиёти томонидан ишлаб чиқарилмоқда ва бу албатта, маҳсулот таннарҳининг ошишига олиб келади. Ана шундай шароитда табиий, экологик жиҳатдан тоза ва фойдали ҳисобланган гўшт, сут ва тухум маҳсулотларини кўпайтириш ва аҳоли эҳтиёжларини қондириш бугуннинг энг долзарб масалаларидан биридир. Қўмита раиси учрашув давомида таълим маскани мутасаддилари ва олимлар жамоаси билан ана шу мавзулар хусусида мулоқот қилди.

“ - Ўзим қишлоқда катта бўлганман, хонадонимизда чорванинг ҳар туридан бор эди, сут, қаймоқ, тухум, ҳатто гўштнинг мазаси ҳам бошқача бўлган. Улар экологик тоза, табиий маҳсулотлар эди. Нега юртбошимиз айнан чорвачилик тармоғини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратяпти – негаки, халқимиз дастурхонинг тўкинлиги аввало ана шу тармоқ ривожига бевосита боғлиқ. Бизнинг минтақамизда бунинг имконияти бор – еримиз, сувимиз етарли, қуёшли ўлкамиз. Ота – боболаримиз чорвачилик билан азалдан шуғулланган, тажрибамиз ҳам бор. Аввало мавжуд экин майдонларидан унумли фойдаланишимиз лозим, чунки чорвага озуқа керак. Озуқани ҳар доим ҳам сотиб олиб бўлмайди, бу қимматга тушиб кетади, уни етиштириш ҳам керак.Шунингдек, хукумат топшириғига кўра, жойларда аҳолига қорамол, қўй, эчки ва парранда тарқатиляпти. Айримлар бу ташаббусдан фойдаланиб ишни яхши йўлга қўйиб, фойда қилишяпти - рўзғорини бутлаб, шароитини яхшилаб олишган, ишни эплолмай, кредитни ёполмай сарсон бўлиб юрганлар ҳам афсуски, орамизда бор, ” - Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Баҳодир Тожиев.

Чорвачилик, пахта ва ғалла кластерлари фаолияти самарадорлиги ва уларга амалий ва методологик кўмак бериш усуллари ва йўллари ҳақида гапирар экан, қўмита раиси минтақада ягона бўлган Самарқанд Ветеринария медицинаси институти жамоаси, профессор – ўқитувчилар ва талаба – ёшлар, шунингдек ёш олимларга хукуматимиз ва президентимиз томонидан катта ишонч билдирилаётгани ва бу йўлда жамоа зиммасига катта масъулият юклатилиши ҳақида ҳам алоҳида таъкидлади. Президент сўзларига кўра, 2022 йилда чорвачиликда камида 300 минг, қўй-эчкичиликда 150 минг, пиллачиликда 1,2 миллион, жами 1 миллион 650 минг аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича имкониятлар ишга солиниши ҳақида маълумот берилди. Чорва маҳсулдорлигини ошириш, наслчиликни яхшилаш, соҳага илм-фан ва илғор тажрибаларни жорий этишда Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг роли хусусида институт ректори, профессор, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган чорвадор фаҳрий унвони соҳиби Худайназар Юнусов ўз мулоҳазаларини баён этди. 

Президент топшириғига кўра, институт мақомининг оширилиши, унга ветеринария, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тажриба институтларининг бириктирилиши, таълим маскани ва унинг филиаллари томонидан кластерларга амалий ва методологик томондан кўмак берилиб, аҳоли хонадонларида қорамол, қўй, эчки, парранда ва бошқа чорвани кўпайтириш, озуқа экинларини экиш, чорва касалликларининг профилактикаси бўйича “маҳаллабай” ишлашни йўлга қўйиш борасидаги таклифлар бўйича фикр - мулоҳазалар ва тавсиялар семинар иштирокчилари томонидан ўртага ташланди.

Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси семинар аввалида таъкидлаганидек, олимлар томонидан билдирилаётган ҳар бир таклиф, ташаббус ва тавсиявий ишлар хукумат томонидан албатта, эътиборга олинади. Тайёрланаётган қонун лойиҳалари белгиланган тартиб асосида умумҳалқ муҳокамасига қўйилади. Айтиш жоизки, эндиликда чорвачиликни ривожлантириш борасидаги барча ишларда соҳа олимлари иштироки таъминланса, бу аввало миллий иқтисодиётимизни катта фойда келтиради.

Г.Бердиёрова

СамВМИ Ахборот хизмати