ЧОРВАЧИЛИК МАҲСУЛОТЛАРИНИ ҚАЙТА ИШЛАШ ТЕХНОЛОГИЯСИ ЙЎНАЛИШИДА КАДРЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ ИСТИҚБОЛЛАРИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 31-мартдаги ПҚ-187-сон “Ветеринария ва чорвачилик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида” ги қарорига асосан Самарқанд ветеринария медицинаси институтига Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети мақомининг берилиши ҳамда чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш технологияси йўналишида кадрлар тайёрловчи таянч давлат олий таълим муассасаси этиб тайинланиши, университет профессор-ўқитувчилар масъулиятини янада оширади ва олдига бир мунча вазифаларни белгилайди.
Жумладан, халқаро тажрибалардан келиб чиқиб, олий таълимнинг илғор стандартларини “Чорвачилик маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш технологияси” бакалавр таълим йўналиши ва магистратура мутахассислигига жорий этиш, ўқув режаларни хорижий норматив хужжатлар билан мувофиқлаштириш. Шунингдек, халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва инновацион ўқув–услубий материалларини кенг жорий этиш, ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналарида назарий билим ҳамда амалиётнинг уйғунлигини таъминлаш. Ишлаб чиқариш интеграциясини, малакали кадрларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш борасида, Самарқанд худудидаги чорвачилик ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлашга ихтисослашган ишлаб чиқариш корхоналарининг мутахассисларини ўқув жараёнига жалб этиш, талабалар амалиётини самарали ташкил этиш ва назоратини кучайтириш мақсадида базовий кафедра фоалияти юритилиши мақсадга мувофикдир. Шу билан бирга, чорвачилик ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган корхона ва кичик фермер хўжаликлари мутахассисларининг савотхонлигини оширишга қаратилган, инновацион технологияларни жорий этиш, чорвачилик чиқиндиларидан самарали фойдаланиш каби йўналишлар бўйича университет қошида кичик курсларни ташкил этиш. Университетда замонавий янги жиҳозлар билан таъминланган “Сутни қайта ишлаш” ўқув лабораторияси негизида, сут ва пишлоқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш тизимлари –цехларни ташкил этиш ва реализациясини таъминлаш билан бирга яратилган ишчи ўринларга талаба ва магистрлар бандлигини таъминлаш.
Ҳозирги кунда, университет хорижий давлатларнинг ривожланган ОТМ академик рейтингининг биринчи 1000 талигига кирадиган Латвия Давлатининг “Латвия табиий фанлар ва технологиялар университети” ҳамкорлигида бакалавр “Food quality and innovation” таълим йўналиши ҳамда магистратура мутахассислиги “Food sceince” академик қўшма дастурлар фаолият кўрсатади. Кластер усулини жорий этишга асосланган, истеъмолчи дастурхонини бойитиш ва экологик соф маҳсулотларни етказишда, «даладан дастурхонгача» бўлган занжирда маҳсулотларни сақлаш, дастлабки ва чуқур қайта ишлаш технологик тизимларини кучайтиришга қаратилган “Барқарор қишлоқ хўжалиги” ва “Қишлоқ хўжалик иқтисодиёти” бакалавр таълим йўналишлари бўйича янги қўшма дастурларнинг 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб ишга тушиши режалаштирилган. Қўшма дастурлар асосида талаба, магистр, доктарант ва профессор-ўқитувчиларнинг ўзаро алмашинувини ташкил этиш билан бирга хориж амалиётини ишлаб чиқаришга ва таълим тизимига жорий этиш кўзда тутилган. Профессор-ўқитувчилар, докторантлар ва магистрантларни хорижий давлатларнинг етакчи таълим муассасаларида илмий стажировка ва малака оширишга мақсадли квоталарнинг ажратилиши, университетда таҳсил олаётган талаба ва профессор-ўқитувчиларнинг мутахассислиги бўйича чет тили билишини тақазо қилади.
Бу борада, чет тили савотхонлигини оширилишига қаратилган курсларни ташкил этилиши замон талабидир.
Чорвачилик ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг сифат ва ҳавфсизлик кўрсаткичларини яхшилаш, экспорт географиясини кенгайтириш, шунингдек, мамлакатимизнинг органик маҳсулот ишлаб чиқариш салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш имкониятини ошириш мақсадида “Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини стандартлаш ва озуқавий ҳафсизлигини таъминлаш” таълим йўналишини очилиши мақсадга мувофиқдир. Университет қошида, чорвачилик ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг озуқавий ҳафсизлиги бўйича: ксенобиотиклар (металл ифлосланиш, радионуклидлар, пестицидлар ва уларни метаболитлари, нитрат, нитрит ва нитрозобирикмалар, полициклик ароматик ва хлортутувчи углеводородлар, диоксинлар ва диоксинга ўхшаш моддалар), митотоксинлар, антибиотиклар, микробиологик анализ каби норматив хужжатларда белгиланган меъёрий сифат кўрсаткичларини аниқлаш бўйича аккредитацияланган “Сифат” илмий текшириш марказини ташкил бўлишига барча шарт-шароитлар мавжуд. “Сифат” маркази чорвачилик ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган корхона ва фермер хўжаликларга маҳсулотларни мажбурий сертификатдан ўтказиш бўйича сервис хизматини кўрсатади.
Хориж профессор-ўқитувчилари иштирокида, университет ва ишлаб чиқариш мутахассислари хамкорлигида, махаллий ва халқаро грантлар ҳисобидан инновацион тадқиқотлар олиб бориш, “фан-таълим-ишлаб чиқариш” тамойили асосида кадрлар тайёрлашнинг кластер тизимини жорий этилиши, Самарқанд Давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетининг нуфузини ва халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 1000 талик рўйхатига киришига яна бир поғона бўлади.
Мақсад сари интилишимиз, чорвачилик ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, қолаверса Ватанимиз равнақи йўлида, жаҳон иш бозорида рақобатбардош мутахассисларни тарбиялаш билан бирга, Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини оширишда самара беришига ишонамиз.
Ишниязова Шохиста Ашуровна
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети,“Чорвачилик маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш технологияси” кафедраси мудири, кимё фанлари номзоди, кафедра доценти